IT Park University yangiliklari

IT Park University талабаларининг Испаниядаги амалиётдан олган таассуротлари

Май ойида IT Park University’нинг биринчи ва иккинчи курс талабалари Испанияда

ИТ-маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари орасида дунёда етакчилардан бўлган EPAM Systems офисларида амалиёт ўташди. Ўқишда энг яхши натижалар кўрсатган талабалар учта шаҳардаги EPAM офисларида иш жараёнлари тузилиши билан танишиб, ўзаро тажриба алмашишди ва Европа IT-мутахассисларининг бир қатор тренинг ва семинарларида бўлишди. Ушбу мақолада амалиёт жараёнлари ҳақида маълумот берамиз.
Бу йил биринчи ва иккинчи курс талабаларига халқаро амалиёт ўташ учун 8 та грант ўринлари ажратилди. 2023 йилда IT Park University халқаро амалиёти Литва ва Полшада бўлиб ўтган эди. Бу сафар талабалар ўқув даражаси, IT соҳасидаги ютуқлари, университет ҳаётидаги фаол иштироки ва мотивацион видеоролик асосида танланди. Амалиёт тўлиқ университет томонидан молиялаштирилди.
“Мен IT Park University’га яқиндагина ўқишга кирганман, лекин шуни айта оламанки, бу ерда талабалар ҳаёти жуда бой ва қизиқарли. Шу икки семестр давомида университет томонидан ўтказилган кўплаб тадбирлар ва тренингларда қатнашишга муваффақ бўлдим. Улардан энг эсда қоларлиси эса университет томонидан молиялаштирилган Испанияга амалиёт сафари бўлди.

Мен IT соҳасида янгиман. Бўш вақтимни дастурлашни ўрганишга ва билимимни оширишга сарфлайман. EPAM тестчиларининг фаолиятини кузатиб, улар ўз иш жараёнларига доимий равишда янги технологияларни жорий этишларига амин бўлдим. Ишдаги уйғунлик, ҳамкасблар хушмуомалалиги мени жуда руҳлантирди.

Мутахассислар ўртасидаги узлуксиз ўрганиш ва доимий билим алмашиш каби муҳим жиҳатларни ўз кўзларим билан кўрганимдан чексиз бахтлиман. Тўғри танлов қилганимга энди асло шубҳам йўқ. IT соҳасида ўз ижодкорлик қобилиятларимни ривожлантириш ва лойиҳаларимни амалга ошира олишимга ишончим комил”, - дейди университет биринчи курс талабаси Нигорахон Мамадалиева.

Амалиёт IT Park University ҳаммуассиси EPAM’нинг Европадаги офисларида бўлиб ўтди. Компания амалиётчилари турли муаммоларни ҳал қилишда ўз ёндашувлари ва технологиялари бўйича семинар ва тренинглар ўтказдилар.
“Болалигимдан компьютер ва компьютер ўйинларига қизиқаман. Шунинг учун менда IT соҳасига жуда эрта қизиқиш пайдо бўлган ва мен бунга оддий ҳавас деб қарамаганман. Менинг ривожланиш, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлиш истагимни амалга оширишга IT Park University имкон берди. Университет яқинда ташкил этилган, демак ундаги ўқув дастурлари 100% "янги". Бундан ташқари, ITPU ўқиш ва бошқа машғулотларини бирдай олиб боришга имкон берувчи гибрид таълимни таклиф қилади.

Испаниядаги амалиёт менга лойиҳалар ва маҳсулотлар устида ишлашда янги халқаро кўникмалар, метод ва технологиялар даражасини кўриш имкониятини берди. Сафар тўлиқ IT Park University томонидан тўлангани эса жуда ёқимли бонус бўлди.

Мени айниқса ҳайратда қолдирган топшириқ - бизга фақат ChatGPT орқали код ёзиш вазифаси эди. Биз қўлда ҳатто бир қатор код ёзмадик, биз учун ChatGPT барчасини ўзи бажаришини кўриш фойдали ва ҳаяжонли бўлди”, - дея ўз таассуротлари билан бўлишади талаба Леонид Воронин.
Владимир Халутин (IT Solutions Architect) ва Пауло Медел (Delivery manager) томонидан ўтказилган Сунъий интеллект имкониятларига бағишланган қизиқарли семинар амалиёт ўқув дастурининг бошланиши эди.

Бундан ташқари, талабалар тестчилар гуруҳи раҳбари Лидия Смирнованинг дастурий таъминотни синовдан ўтказиш (QA) бўйича семинарида қатнашиб, унда қандай ишлаб чиқиш усуллари дунёда мавжуд ва долзарблиги, улардаги QA мутахассисларининг роли ҳақида билиб олдилар.

Иштирокчилар маҳаллий ва халқаро бозорларда муваффақиятли ҳамкорлик қилиш, жаҳон даражасидаги мартаба учун зарур бўлган шахсий фазилатлар ва кўникмалар тўплами “soft skill”ларни ривожлантириш бўйича ҳам қизиқарли семинардан баҳраманд бўлишди. HR менежери Аъзам Аҳмедов талабаларга турли маданиятларнинг фарқ ва ўхшашликлари, бизнесга масъулиятли ва виждонан муносабатда бўлишнинг аҳамияти, жамоада мақсадларга эришишда вақтни бошқаришни унутмаслик ҳақида жуда қизиқарли тарзда гапириб берди.
“Менинг талабалик ҳаётим жуда қизиқарли ва ажойиб воқеаларга бой. Ҳозирда GDSC’нинг янги лидери бўлиш учун Google'да бўладиган интервюга тайёрланяпман. Биз ушбу танлов учун мотивацион видео ҳам тайёрлаб қўйдик.

Ўқишдан ташқари, мен кўпроқ тажриба орттириш учун турли грантларни излайман ва IT бўйича барча тадбирларда, хакатонларда қатнашаман.

Болалигимдан менда умуман технологияга, хусусан, IT оламига жуда катта қизиқиш бор эди. Эсимда, ҳар қандай технология қандай ишлаши, интернет қандай ишлаши ва илғор тараққиёт олами ҳақидаги фикрлар менда доим тинимсиз изланишларимга сабаб бўларди.

IT Park University’да мен ўзим учун энг яхши имкониятни топдим - бу менга истаган жойдан туриб ўқиш имконини берувчи онлайн таълим. Университетда ўқиш менга ўз соҳамда ҳозирданоқ ишлашга тўсқинлик қилмайди.

Мен Full-stack дастурчисиман. Яқиндагина етакчилик ва бошқарув кўникмаларни ривожлантириш курсини тамомладим. Амалиёт давомида мен офислари ва лабораториясига ташриф буюрган EPAM Systems компанияси билан суҳбатга таклифнома олдим. Ўзбекистонга келганимдан сўнг интервюдан ўтдим ва ҳозир фаолиятимнинг бошланишини кутяпман”, — деди Шоҳиста Раҳимова.

Касерес номли кичик шаҳарчадаги EPAM hardware-лабораториясига ташриф амалиёт гуруҳидаги ҳар бир талаба учун ҳаяжонли бўлди. Лаборатория бўйлаб экскурсия давомида талабалар унинг асосий фаолияти – стриминг хизматлари учун дастурий таъминот ишлаб чиқиш билан батафсил таништирилди. Луис Фернандо Мелон - IT Solutions Architect ва Клаудия Рамос иштирокчиларнинг кўплаб саволларига мамнуният билан жавоб беришди ва ҳатто уларни лаборант-талабалар билан ҳам таништиришди.
Дастурдан жаҳон санъат арбоблари мамлакати ҳисобланмиш Испания билан маданий танишув ҳам ўрин олганди. Талабалар Малагадаги Пабло Пикассо музейига ташриф буюриб, шаҳар маркази гўзаллиги, тарихий бинолар ҳамда Андалусия табиатидан баҳра олиб, ўз ҳайратларини яшира олмадилар.

Бундан ташқари, экскурсиялар "Тахтлар ўйини" кўп қисмли сериали суратга олинган жойлар ва пойтахт Мадриднинг марказий ҳудудини қамраб олди.

IT Park University’да талабалар ҳаётининг имкониятлари ва хусусиятлари ҳақида Instagram ва университет веб-сайтида батафсил маълумот олинг.

IT Park University билан IT соҳасида муваффақиятли халқаро каръерани бошланг!

Телефон: (+998) 55−503−99−99.

Telegram-bot: t.me/ITPU_bot